“Бизнинг мерос” Ўзбекистон санъати усталари График рассомлар – 2023 йил юбилярлари

nasledie_graphika_2023_-1Ёз фаслининг қизғин палласида – 9 август куни анъанага кўра Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Бадиий кўргазмалар дирекцияси коллекциясидан олинган, Ўзбекистон санъат усталари асарларининг ретроспектив кўргазмаси очилади. “Бизнинг мерос” туркумидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистон графика усталари – 2023 йил юбилярларига бағишланган. Булар учта таниқли рассом – бу йил 95 ёшга тўлган ажойиб график, Арнольд Павлович Ган, шунингдек, бу йил 100 ёшга тўлган икки ажойиб рассом – Борис Васильевич Котлов ва Анатолий Кузьмич Ошейко. Албатта, янада кўплаб юбилярлар рассомларимиз бор – биз эса ушбу кўргазмада асарлари Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондида сақланиб келаётган ва шахсий коллекциялардан олинган юбилейлари нишонланаётган рассомлар асарларининг кичик бир қисмини тақдим этмоқдамиз.

nasledie_graphika_2023_-2Арнольд Ганнинг кичик графика тўпламини рассомнинг қизи Зоя Ган кўргазмалар дирекциясига совға қилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Арнольд Ган — катта рассомлар сулоласининг ёрқин намояндаларидан бири, кўплаб монументал объектлар – мозаикалар, фрескалар, деворий суратлар ва рельефларнинг муаллифи ва ҳаммуаллифи бўлган. “Космонавтлар проспекти” метро бекати, А.Навоий номидаги санъат саройи фойесидаги деворий сурат (“Панорама” к/т), “Самарқанд дарвоза” чойхонаси рельефлари, Урганчдаги драма театри фойесидаги деворий суратларни мисол қилсак бўлади. Унинг рангтасвир асарлари Миллий Банк галереяси ва Лондондаги “Заман” галереяси коллекцияларига киритилган.

nasledie_graphika_2023_-3Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Борис Васильевич Котлов ҳам рассомлар сулоласининг асосчиси ҳисобланади. У рангтасвирчи, график рассом ва безакчи-рассом сифатида фаолият юритган. Рассомнинг акварель асарларида, ижодкорнинг ҳаётни севиши ва шижоатли характерини кўрсатади. У мамлакатимиз бўйлаб кўплаб саёҳатлар қилган ҳолда,  ўзининг  бой таассуротларини кўплаб манзаралар туркумида мужассам этган. У атроф оламнинг гўзаллигидан илҳомланиб, натурадан ишлаган. Бизнинг коллекциямизда унинг асарлари кўлами кенг ва бугунги экспозицияда уларнинг кўпчилиги намойиш этилмоқда. Борис Василевич Котлов Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси фаолиятида фаол иштирок этган, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги рассомлик студияси асосчиларидан бири бўлган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, уруш қатнашчиси, аскар Анатолий Кузьмич Ошейко Ўзбекистоннинг кўплаб нашрлари – “Пионер Востока” газетаси, “Саодат” журналида безакчи-рассом сифатида ишлаган. 1957 йилдан “Правда Востока”, “Қизил Ўзбекистон” ва “Ўзбекистони Сурх” қўшма нашриётларида бадиий муҳаррир, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети нашриётининг бош рассоми бўлган. Ошейконинг “Ўзбек шеърияти антологияси”, “Ўзбекистон халқлари тарихи”, А.Навоий, А.Пушкин, М.Горький, Муқимий, Фурқат, А.Қаҳҳор, С.Бородин  китобларини безатишдаги ўрни беқиёс.  Унинг эскизига кўра Ўзбекистон ССР Давлат байроғи тасдиқланган. Рассом турли график услубларни моҳирона эгаллаган бўлиб, дастгоҳли асарлари билан кўплаб республика кўргазмаларида қатнашган. Ушбу асарларнинг баъзилари ушбу кўргазмада намойиш этилмоқда. 1950-60-йилларнинг ўрталарида Ошейко Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси графика секциясига раҳбарлик қилган, СССР Бадиий жамғармаси бошқаруви аъзоси ва Ўзбекистон ССР Бадиий жамғармаси бошқаруви раиси этиб тайинланган.

 

Ушбу кўргазма билан биз рассомлар ва санъат ихлосмандларининг янги авлодини Ўзбекистон санъати тарихидаги энг қизиқарли давр билан таништирамиз. Тақдим этилган асарлар орасида моҳирона ижро этилган пленер эскизлари, гравюралари, чизмалар ва эскизлар жуда кўп – томошабинларни рассомларнинг ижодий лабораториясини томоша қилишларига имкон яратади. Гарчи баъзи асарларнинг мавзулари ўтган давр билан боғлиқ бўлса-да, юбиляр рассомларининг юқори профессионаллигини таъкидлаш керак. Буларнинг барчаси эътиборга, ўрганишга, хотирлашга ва ҳурматга лойиқдир.