VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси

banner2018 йил 10-14 октябрь кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида VIII Халқаро Тошкент замонавий санъат Биенналеси бўлиб ўтади. Тадбир ташкилотчиси – Ўзбекистон Бадиий Академияси, Бош ҳомий – “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти. Биенналенинг асосий мавзуси: “Санъат ва технология. Тасдиқ ёки инкор” – замонавий глобаллашув ва технократик оламда ўз бадиий асарлари билан ўзига хос ижодкор, рассомнинг ўрни ҳақида.

VIII Халқаро Тошкент замонавий санъат Биенналесининг айнан 2018 йил, Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган бир пайтда “Санъат ва технология. Тасдиқ ёки инкор” мавзусида ўтказилиши ўта рамзийдир.

viii_tashkent_biennale_2018_001Халқаро форумни ўтказишдан мақсад, Ўзбекистон нуфузини халқаро санъат майдонида кўтариш, кўпгина давлатлардаги замонавий санъат йўналишида ижод этаётган рассомлар ва кураторлар ўртасидаги ҳамжихатликни янада йўлга қўйиш, тажриба ва фикр алмашишларига ёрдам бериш, жамиятнинг, ёшларнинг маданий ва интеллектуал даражасини ошириш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни кучайтириш.

viii_tashkent_biennale_2018_-002_aИштирокчиларнинг аксарият қисми дунёнинг барча жойларидан келган замонавий рассом ва кураторлардир.

Европа, Россия, АҚШ ва Лотин Америкаси, Жанубий-Шарқий ва Марказий Осиёнинг 27 давлатидан келган 160 дан ортиқ иштирокчилар Тошкент ва Бухоро музейи, кўргазма залларида ўзларининг видеоарт, инсталляция, фотоарт, ҳайкалтарошлик ишлари, концептуал рангтасвир, графика, каби ижодий ишлари ва лойиҳаларини намойиш этадилар.

viii_tashkent_biennale_2018_002VIII Халқаро Тошкент замонавий санъат Биенналесининг расмий очилиш маросими 10 октябрь соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.

Биеннале доирасида халқаро илмий-амалий конференция, таниқли назариётчи ҳамда кураторлар иштирокида замонавий санъат мавзусига доир маърузалар ва мунозаралар бўлиб ўтади.

 

Биеннале доирасидаги тадбир ва кўргазмалар ЎзБА Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Ёшлар ижод саройи, Bonum Factum галереяси ҳамда Бухородаги Арк ўлкашунослик ва Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонасининг Ситораи Моҳи Хоса халқ амалий безак санъати музейларида ўтказилади.

Биенналенинг расмий ёпилиш ва тақдирлаш маросими  14 октябрь соат 15:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.