“Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари” IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси

biennale_2022_-1Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан жорий йил 24-28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон  тараққиёт стратегияси тўғрисида”  2022 йил 28 январдаги 60-сон  Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 275-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2022 йилдаги 91-сон Баёнига асосан “Рассом ва жамият.“Келажак санъати концепциялари” мавзуида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилмоқда.

biennale_2022_-224 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида  IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Қатор вазирлик ва идоралар, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок  этган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдухакимов очиб берди.

biennale_2022_-3Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси 2001 йилдан буён икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда. У тасвирий санъат соҳасида маданий алмашинув, турли мамлакатлар замонавий  ижодий салоҳияти билан танишув, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилади. Биеннале кўргазмаларида жаҳон ва миллий санъат намуналари намойиш этилади, замонавий тасвирий, концептуал санъатнинг хориждаги  машҳур намояндалари билан ижодий тажриба алмашиш, мулоқотлар уюштирилади, жаҳоннинг соҳадаги нуфузли илмий даргоҳлари вакиллари иштирокида илмий-амалий конференциялар ўтказилади.

biennale_2022_-4IX Тошкент халқаро замонавий санъат  Биенналеси нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу йил 35 та хорижий давлат, жумладан, Озарбайжон, Аргентина, Арманистон, Болгария, Беларусь, Бразилия, Бангладеш, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Голландия, Миср, Исроил, Италия, Испания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Қувайт, Канада, Литва, Малайзия, Польша, Россия, Руминия, Сербия, АҚШ, Туркманистон, Тожикистон, Туркия, Тунис, Франция, Филиппиндан 40 нафарга яқин ҳамда республикамизнинг 50 нафар замонавий тасвирий санъат усталари иштирок этаётгани бунинг яққол исботидир.

biennale_2022_-5Беш кун давомида ушбу Биенналеда хорижий рассомлардан 25 нафари офлайн, 12 нафари онлайн иштирок этади. Дастурга мувофиқ, Биеннале иштирокчилар томонидан жами 8 та ижодий кўргазма ўтказилади, 6 та маҳорат дарси ва маърузалар уюштирилади.

biennale_2022_-6Биенналеда халқаро ва маҳаллий ижодкорлар тасвирий санъатнинг қатор замонавий йўналишлари – поп-арт, рақамли санъат, инсталляция, видео ва фото арт, шунингдек, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик бўйича иштирок этадилар.

biennale_2022_-7IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналеси тадбирлари Ўзбекистон Бадиий академияси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар  уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залларида бўлиб ўтади.

biennale_2022_-8Биеннале низомига асосан ғолиб иштирокчилар Гран-при, 1,2,3-ўрин асосида тақдирланади.

Биеннале жюри аъзолари:

  1. Алессандро Карер – Гаруццо Фонди бош куратори (Италия);
  2. Анжани Кумар Сингх – Бахар музейи раиси (Ҳиндистон);
  3. Юнус Сафардиёр – рассом, ҳайкалтарош (Буюк Британия);
  4. Кирилл Гаврилин – Россия Бадиий академияси мухбир аъзоси (Россия).

 

 

Тошкентда тўққизинчи марта  ўтказилаётган Халқаро замоанвий санъат биенналеси халқларни яқинлаштириш, дунё тасвирий санъат вакиллари ўртасида мустаҳкам кўприк, ижодий мулоқот, санъатда бой меросга эга Ўзбекистон номини жаҳонга тараннум этишга хизмат қилади.