“Ҳаёт” Хаким Мирзахмедов 1950-2020

kh_mirzakhmedov_2021_bannerШу йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий кўргазмалар залида Хаким Мирзахмедовнинг хотирасига бағишланган “Ҳаёт” номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

kh_mirzakhmedov_2021_-1Хаким Каримович 1950 йил Душанбе шаҳрида таваллуд топган. 1960 йилда уларнинг оиласи Фарғонага кўчиб ўтишган. 1976 – йилда  П.П.Беньков  номидаги Республика рассомлик билим  юрти  рангтасвир – педагогикаси  бўлимини тамомлаган. Шу йили В.И.Суриков номидаги Москва Давлат рассомлик институти маҳобатли рангтасвир бўлимига профессор К.А.Тутеволнинг раҳбарлиги остида ўқишга кирган. 1982 – йилда Никоҳ саройида “Гуллаш тантанаси” мавзусидаги маҳобатли деворий сурати билан диплом ишини “аъло” баҳога ҳимоя қилган.  1982 – йилдан бошлаб халқаро ва республика кўргазмаларида қатнашиб келган. 1990 – йилда СССР рассомлар уюшмаси, ҳозирги Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. “Витраж” техникасида бир қатор маҳобатли асарлар яратган.

kh_mirzakhmedov_2021_-2Хаким Мирзахмедов кўплаб натюрморт ва жанрли композициялар яратган, бироқ у манзара жанрида ўзининг маҳоратини тўлиқлигича намоён эта олган.  Ўз ижодида реалистик рангтасвирнинг классик ютуқлари ва импрессионистик услубни уйғунлаштирган. Табиатни романтик ифодалашга интилган. Хаким Мирзахмедовнинг машҳур асарлари: “Исфара”, “Қизил узумзорлар”, “Кумушконда қиш тонги”, “Тўлин ой”, “Шоҳимардон” ва бошқалар.

kh_mirzakhmedov_2021_-3У тенги йўқ педагог эди. 1982-2012 йилларда Республика рассомлик коллежининг рангтасвир бўлимида етакчи ўқитувчилардан бири бўлиб, кўп йиллар давомида ёшларга сабоқ берган. Тасвирий санъатнинг турли хил йўналишлари, жанрлари, техникаларида ижод қилиб келаётган кўпгина кўзга кўринган рассомларни тарбия қилган. Хаким Каримович педагоглик фаолиятида талабалардан имкониятларини ривожлантириш баробаринда, ўз ижодий услубларини намоён этишларини муҳим деб ҳисоблар эди.

2016 йилда Х. Мирзахмедов “Йилнинг энг яхши рассоми” «Эътироф» миллий мукофоти билан тақдирланган.

kh_mirzakhmedov_2021_-4Рассом ўзининг 70 ёшигача етмай, 2020 йилнинг 8 ноябрида бу дунёни тарк этди. Вафотига бир йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган “Ҳаёт” номли мазкур кўргазмада 250 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда, ижодкорнинг умри давомида босиб ўтган ижод йўли ва унинг  рангтасвирга бўлган чексиз муҳаббатини акс эттиради.