Сарвар Йўлдошевнинг шахсий кўргазмаси

s_yuldashev_2021_-1Сарвар Йўлдошев 1985 йил Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1999-2003 йиллар Наманган тасвирий ва амалий санъат лицей интернатида рангтасвир йўналиши бўйича тахсил олган. Санъатга қизиқиши ортган Сарвар рангтасвир сирларини мукаммал ўрганиш мақсадида ўқишни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида давом эттиради. Институтда у аввал академик Саъдулла Абдуллаев устахонасида таҳсил олади, магистратура босқичини эса, академик Жавлон Умарбеков қўл остида давом эттиради. Ёш рассом ижодида образларни лирик акс эттиришни С.Абдуллаевдан олган бўлса, Ж.Умарбековдан мавзуларнинг шартлилиги, композиция услубийлигини ўрганган. Шундай бўлсада, Сарвар Йўлдошев ўзига хос йўналишни топишда изланаётганлиги ижоди орқали намойиш этмоқда.

s_yuldashev_2021_-2Ҳозирда “Муқимий” номидаги Ўзбекистон Давлат  мусиқали театрида рассом лавозимида ва К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Театр безаги рангтасвири” кафедрасида меҳнат фаолиятини олиб бормокда.

2018 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Сарвар Йўлдошев SCENOFEST-2014, халқаро ArtScenoFest-2018 кўргазмаси, “Табиат ва рассом,” “Навқирон Ўзбекистон”, “Энг улуғ, энг азиз” каби кўплаб Республика кўргазмаларида қатнашган. Мазкур кўргазма эса унинг ижодий фаолиятидаги илк шахсий кўргазмаси бўлиб, айнан Марказий кўргазмалар залида ўткизилаётгани таҳсинга лойиқ.

 

Экспозициядан рассомнинг 40 дан ортиқ асарлари ўрин олган. Кўргазма 12 апрелга қадар давом этади.