“ИНСОН. МУҲИТ. САНЪАТ 2019” II ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО АМАЛИЙ САНЪАТ БИЕННАЛЕСИ

banner_prikladnoe_biennale_20192019 йилнинг 11-15 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда муассасалар ҳамкорлигида “Инсон.Муҳит.Санъат.2019” номли II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади.

Шу муносабат билан 11 ноябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида II Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

prikladnoe_biennale_2019_001Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган халқаро амалий санъат байрами миллий анъаналарни асраб-авайлаш, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини тақдим этиш, шунингдек, унутилиб бораётган халқ анъаналарини қайта тиклаш, оммалаштириш, замонавий амалий санъатда юз бераётган жараёнларни амалда намойиш қилиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, халқлар томонидан яратилган асрий тамаддун самараларини кенг тарғиб қилиш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришга туртки беради.

prikladnoe_biennale_2019_002Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августида қабул қилинган «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда амалий санъат йўналишини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га бағишланиб ўтказилаётган ушбу биеннале нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқишга сазовор бўлмоқда.  Бу йил 13 та хорижий давлат, жумладан, Италия, Буюк Британия, Эрон, Германия, Жанубий Корея, Япония, Хитой,  Бангладеш, Покистон, Россия, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистондан ташриф буюрган 20 нафардан зиёд ижодкорлар билан бирга республикамизнинг 80 дан ортиқ амалий санъат усталарининг иштирок этаётгани фикримизга мисол бўла олади.

prikladnoe_biennale_2019_003Биеннале доирасида республикамиз ҳамда хорижий мамлакатларнинг ижодкор вакиллари иштирокида кўргазмалар ва маҳорат дарслари, ташкилот ва ўқув муассасаларининг миллий ва замонавий либослар намойишлари, халқаро ва республика илмий – амалий конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда қизғин ижодий учрашувлар ўрин олган.

prikladnoe_biennale_2019_032Биенналенинг расмий очилиш тантанаси Марказий кўргазмалар залида   Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчи-талабaлари томонидан тайёрланган замонавий ва анъанавий либослар ҳамда ҳамкор “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг “Аъло бахмал” миллий либослар намойишига уланиб кетди.

Биенналенинг биринчи кунида Марказий кўргазмалар залида  “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ўзбек ипак гиламларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида ташкил этилган “Ипак жилолари” номли ипак гиламлар кўргазмаси, “Сеҳрли чарх наволари” номли ўзбек миллий кулолчилик кўргазмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик намуналари ва миниатюра асарлари” кўргазмаси очилди.

prikladnoe_biennale_2019_004Тошкент халқаро биенналеси амалий санъат йўналишида эришилган ютуқларни кенг намойиш этиш, ижодкорларимиз учун ўзаро мулоқот ва тажриба алмашинув майдонини яратиши билан муҳим аҳамият касб этади.