“Тошкент қувончлари” VI- Халқаро болалар расмлари Биенналеси очилди

Тошкентдаги ҳашаматли Марказий кўргазмалар залида “Тошкент қувончлари”  VI-Халқаро болалар расмлари Биенналеси очилди. Беш кун давомида болажонларимиз учун ҳақиқий маданий байрам шодиёналари тақдим этилади. Кўргазмада 3 мингга яқин болалар расмлари намойиш этилмоқда. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир томошабин албатта жажжи рассомларнинг қувончлари, уларнинг ҳис-туйғулари ва ички дунёқарашларини ўзи билан олиб кетади.

detskaya_biennale_2016_01

Байрам тантаналарида республикамиз идора ва ташкилотлари раҳбарлари, хорижий дипломатик ваколатхоналари ходимлари, таниқли санъат намоёндалари, мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

detskaya_biennale_2016_011

Кўргазманинг тантанали очилишида Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, таниқли рассом Акмал Нур тадбирни очар экан, ўз нутқида: “Ташкил қилинаётган бундай санъат байрамлари албатта, жаҳон болаларининг бир-бирлари билан дўстона алоқалар ўрнатишига, тенгдошларининг ижоди билан яқиндан танишишига шунингдек, ўз асарларига ҳолисона баҳо беришга яхши имкониятлар яратиб беради. Кўриб турганимиздек, ҳар бир асарда балаларимиз, ёшларимиз ўзларининг ички қувончларини, ҳаётга бўлган муносабатларини ифода қилганлар. Давлатимизнинг келажагини мана шу ёшлар белгилаб беради. Барча иштирокчиларга яхши кайфият, ижодларига илҳом ва соғлик-саломатлик тилайман”, – деди.

detskaya_biennale_2016_03

“Соғлом авлод учун” Республика хайрия жамғармаси раиси Светлана Иномова амолот ўз нутқида: “Намойиш қилинаётган асарларда болаларнинг ҳаётга, дунёга бўлган муносабатлари акс эттирилган. Болаларимиз тинч, осоишта ҳаётни тасвирлашган. Бунда чуқур маъно бор. Ўйлайманки, бундай тадбирлар ёшларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига катта туртки бўлади. Бу йилги фестивалда соғлом болалар билан бир қаторда жисмоний камчиликлари бор болалар ҳам иштирок этмоқда. Бу ўз ўрнида фестивалимизга ўзгача муносабат беради”, – деди.

detskaya_biennale_2016_04

Танлов ҳайъатининг раиси Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси жаноб Эдгарс Бондарс Биенналега жуда кўп иқтидорли болалардан расмлар келган. Улардан энг яхшиларини танлаб олиш қийин бўлади. Бироқ ҳайъат аъзолари барча ишларга ҳолисона, объектив нуқтаи назардан баҳо беришади ва энг муносиблар танлаб олинади деб ишонч билдирди.

detskaya_biennale_2016_02

Очилиш маросимида ёш ижрочилар томонидан тақдим этилган концерт дастури тадбир қатнашчиларига байрамона кайфият бағишлади. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими шу йил 23 декабрь куни бўлиб ўтади.

Share to Facebook
Share to Google Buzz
Share to Google Plus
Share to LiveJournal
Share to MyWorld
Share to Odnoklassniki
Share to Yandex