Умар Ражабовнинг “The Sun is one” шахсий кўргазмаси

u_radjabov_2023_banner

Умар Ражабов – 1985 йил Хоразм вилоятида туғилган. 2000-2003 йилларда Урганч шаҳридаги санъат лицейида ўқиган. 2003–2007 йилларда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Маҳобатли рангтасвир” бўлимида таҳсил олган. 2011-2013 йилларда шу институтнинг магистратура бўлимида ўқиган. 2014 йилдан ҳозиргача – К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда. 2010 йилдан Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

u_radjabov_2023_-1Умар Ражабов рангтасвирчи рассом ва ўз этюдлари билан томошабинга яхши таниш. У асарларини нафақат устахонада, балки ер юзининг кўплаб мамлакатларидаги саёҳатлар чоғида яратади. У жой танлаб ўтирмайди, илҳомланган пайтида мольбертини ўша ерда ўрнатиб, гўзал этюдларини чизишни бошлайди. Ҳозирга қадар дунёнинг 17 га яқин мамлакатларига қилган сафари давомида 300 дан ортиқ этюдлар яратди. Картиналарда тасвирланган  дунё манзаралари турли бўёқларда, ўзига хос колоритлар гаммаси орқали матоларга кўчади. Умар Ражабов оддий кўринган нарсаларга ҳам жонли кўриниш бера оладиган маҳоратга эга. Айниқса, Ўзбекистон табиати билан боғлиқ манзаралари ўзига хос десак адашмаймиз. Сабаби, унда ишлатилган бўёқлар, турли хил ранглар, реалистик жанрдаги ҳақиқий гўзал табиат – томошабин кўз олдида гавдаланади. У ҳар бир деталь устида алоҳида ранглар билан ишлай олади.

u_radjabov_2023_-2Рассом ушбу “The Sun is one” шахсий кўргазмасида – 7 йил ичида Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари қаторида Осиё ва Европа давлатларида бўлиб, булар – Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Кипр, Озарбайжон, БАА, Италия, Швейцария, Франция, Германия ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг гўзал табиати акс этган этюдларини намойиш этмоқда. Бу асарларда томошабинлар ҳар бир заминнинг ўзига хос колорити билан танишиш имкониятига эга бўлишлари билан биргаликда у еринг ўзига хос табиати ва меъморий обидалари билан ҳам танишадилар.

u_radjabov_2023_-3Кўргазма ўз ишини 10 ноябргача қадар давом эттиради.