2023-йил 21-сентабр куни Марказий кўргазмалар залида рангтасвирчи рассом Раҳимжон Ризомуҳамедовнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган “Тарихингдир минг асрлар” номли шахсий кўргазмаси очилмоқда.
“…Рассом Р.Ризомуҳамедов профессионал таълимни П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида ва А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтида (ўқитувчилари: доцент В. М. Ковинин ва профессор Р.А.Аҳмедов) олган. Институтни тамомлагач, аспирантурада Ўзбекистон халқ рассоми Р.А.Аҳмедов раҳбарлигида ўқиди. Р.Ризомуҳамедов кенг диапазондаги ижодкор: портретчи рассом, манзарачи рассом, тарихий мавзудаги асарлар муаллифи бўлиб; ҳеч ижоддан чарчамайдиган, серғайратлилиги билан бошқа рассомлардан ажралиб туради. У манзара асарларида ўз она табиати, тарихий обидалардаги қадимий меъморчилигининг характери ва хусусиятларини мукаммал ҳис этади.
Ризомуҳамедов ўзининг портрет асарларида (улардан энг эътиборлилари академик Абдулҳақ Абдуллаев портрети, академиклар Рўзи Чориев ва Неъмат Қўзибоев портрети, “Бахмаллик она” портрети) образларнинг характери ва ички ҳиссиётларига чуқур кириб бора олган ва профессионал маҳорат билан яратган. Ризомуҳамедов Ўзбекистон ватанимиз меъморий ёдгорликлари тасвирлари устида тинимсиз ва самарали меҳнат қилиб, бу борада жиддий натижалар ва муваффақиятларга эришди. Унинг ушбу жанрдаги асарлари Англия, Малайзия, Туркия, АҚШ, Франция, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг шахсий коллекцияларига киритилган.
Рассом тарихий рангтасвир жанрида Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Берунийга бағишланган туркум мазмунли картиналар яратди. Унинг Ватан тарихига оид асарлари Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг атоқли арбобларига муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром билан суғорилган, ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини сингдиради. (Санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, хизмат кўрсатган санъат арбоби Рафаил Тоқтошнинг тақризидан).
Кўргазма экспозицияда 200 ортиқ асарлар – тарихий асарлар, манзаралар, портретлар, натюрмортлар ўрин олган.
Қирқ йилдан ортиқ вақт давомида у К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг театр безаги кафедрасида доцент бўлиб ишлаб келмоқда. Р.Ризомуҳамедов ўз ижодий тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Кўргазмада унинг шогирдлари: Абдуҳаким Каримов, Татяна Фадеева, Носир Хусанов, Қодир Ахмедов, Бекберганов Ринат ва Матлюба Юсуповаларнинг асарлари ҳам тақдим этилди.