28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида атоқли кулол-уста, Ўзбекистон халқ рассоми, тадқиқотчи-олим Мухитдин Рахимов таваллудининг 120 йиллигига бағишланган юбилей тадбирлари бўлиб ўтади.
М.Раҳимовнинг кулолчилик буюмларини яратиши, мамлакатимизда мавжуд бўлган кулолчиликнинг турли мактаблари тарихи ва анъаналарини ўрганишга қўшган улкан ҳиссаси жуда беқиёс. У узоқ йиллар давомида ҳар бир мактабнинг услубий-технологик хусусиятларини – Кушон даврининг қадимий кулолчилик буюмларини, Афросиёб, Тошкент ва Фарғона воҳалари, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм кулолчилигини чуқур ва мукаммал ўрганишга бағишлади. М.Раҳимовнинг ўтган асрнинг 70-йилларида нашр этилган ва библиографик нодир асарга айланган “Ўзбекистон кулолчилиги” китоби-анъанавий технологиялар, безаклар, ўтмишда ижод қилган энг кекса усталар ва ўз замондошлари ҳақидаги маълумотларга бой. М.Раҳимов ўз ижодий амалиёти давомида кўплаб йўқолган мактабларнинг унутилган шакллари ва технологик усулларини, йўқолиб бораётган безакларни қайта яратди, уларни ижодида қайта жонлантирди. Унинг асарлари республика ва Бутуниттифоқ декоратив-амалий санъат кўргазмаларида қатнашиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилган. У ўзининг кенг билимларини санъатшунос ҳамкасблари ва шогирдларига бажонидил бўлишар ва буларнинг барчаси эса кулолчилик заводлари ишлаб чиқариш амалиётида жорий қилинган эди.
М.Раҳимов буюмлари мамлакатимизнинг кўплаб музейларида, хорижий коллекцияларда – Москвадаги Шарқ халқлари музейи ва декоратив-амалий санъат музейида, Санкт-Петербургдаги Давлат этнография музейида ва бошқа кўплаб давлат музей коллекцияларида, лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, устанинг энг кўп муаллифлик тўплами, ҳозирда 300 дан ортиқ экспонатлар Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондида сақланмоқда. Томошабинлар ушбу буюмларнинг бир қисмини ушбу ташкил этилаётган юбилей кўргазмасида кўришлари мумкин бўлади. Экспозияда М.Раҳимовнинг юксак профессионал маҳорати ва юқори даражада яратилган услублари яққол намоён бўлади. Бу фазилатлар унинг ўғли Акбар ва набираси Алишер Раҳимовларга мерос бўлиб қолган. Улар усталар сулоласини муносиб давом эттирмоқдалар. Шу йилнинг октябр ойида Раҳимовлар уй-музейи ва кулолчилик устахонасида уста-кулол таваллудининг 120 йиллигига бағишланган бутун уста-кулоллар сулоласининг кўргазмаси бўлиб ўтади.