Таниқли ўзбек ҳайкалтароши Азамат Хатамовнинг ўзгача ижод йўли мавжуд. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари Сурхон воҳасининг қадимги Шеробод шаҳрида ўтган. Физик бўлиш орзуси Азаматни Тошкентга Низомий номли педагогика институтига етаклади. Ўқишни тамомлагач, Шеробод мактабларининг бирида физикадан дарс берди. Бирданига юзага келган санъатга бўлган иштиёқ Азамат Хатамовни Ленинградга кетишга мажбур қилди. У кўпчиликни ҳайратлантириб, ҳеч қандай тайёргарликсиз И.Е.Репин номидаги рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтининг ҳайкалтарошлик бўлимига ўқишга кирди. Ёш устанинг қобиляти шу қадар кучли эдики, устози В.Б.Пенчук уни энг яхши шогирдларидан бири деб билган. Ўқиш йилларида ўтаган профессионал маҳорат мактаби рассом истеъдодини очишга ва қобилятини ўстиришга кўмак берди.
Институтни тамомлаган Азамат Хатамов Ўзбекистонга қайтиб келди ва ижодий ишга шўнғиб кетди. 1982 йилдан бошлаб, рассомнинг гипс, шамот, бронзадаги пластик композициялари, портрет ва чизма тасвирлари мутахассислар ва тамошабинларнинг диққат марказида бўлди. Унинг асарлари Ўзбекистоннинг турли кўргазмаларида иштирок этди. Республикамизнинг музей тўпламлари ва хориж шахсий коллекцияларидан ўрин эгаллади. А. Хатамовнинг илк асарларидаёқ романтик ижодга интилиш, рамзий шакллар ва эмоционал образларга ёндашув кузатилган. Унинг бетакрор ҳайкалтарошлик ишлари ва чизма тасвирларининг кўп қисмида мавзу ва мотив рассомга хос бўлган усталик билан бажарилган. Она юрти Сурхандарёнинг сиймолари, шарқ лирикаси ва тарихи билан суғорилган.
Ушбу кўргазмада рассомнинг охирги йилларда яратган 60 дан ортиқ ҳайкалтарошлик, чизма тасвир ва рангтасвир композициялари намойиш этилмоқда.