2019 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий Кўргазмалар залида Аслиддин Исаевнинг “Ижодий интилиш” номли шахсий кўргазмасини очилиш маросими бўлиб ўтади. Кўргазмада рассом ижодидаги босқичлар, нафақат услубидаги стилистик ўзгаришлар, балки унинг маънавий изланишлари, тарихий, шахсий, сиёсий вазиятларни акс эттирувчи асарларнинг ретроспективаси намойиш этилади.
Аслиддин Исаев Самарқанд вилоятининг Чоршанба қишлоғида туғилган. Душанбе шаҳридаги М. Олимов номидаги РРБЮни тугатган, кейинчалик К. Беҳзод номидаги Миллий Рассомлик ва Дизайн Институтини тамомлаган. Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида яшаб, ижод қилади.
Маълумки, Самарқанд Ўзбекистон тасвирий санъатининг бешиги ҳисобланади, у ерда ижод қилган рассомларнинг услублари Аслиддиннинг ижодига ўз таъсирини ўтказиши мумкин эди, аммо Ньютон айтганидек – “Мен ўзимдан аввал ишлаган елкаларга кўтарилганим учун бошқаларга қараганда узоқни кўра олдим”.
Аслиддин Исаев ўз услуби ва ўз образини топган ижодкор. Рассомнинг полотноларида – борлиқнинг шоирона талқини, болалигидан унга яқин бўлган, уни ўраб турган инсонлар, қадимий ва ҳамиша навқирон диёрнинг гўзаллиги, тарихи акс этган. Бу албатта Самарқанд шаҳридир, унинг хушманзара жойлари, бу Оналик мавзуси рассомнинг бутун ижод йўли мобайнида унга ҳамроҳлик қилиб, чексиз илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Дунёнинг турли мамлакатлари – Америка, Ҳиндистон, Ҳимолай, Кореяга қилган саёҳатлари рассомни туркум асарлар яратишга илҳомлантирди. Кўргазмада томошабинлар катта мегаполислар – Нью-Йорк, Сеулнинг ўзига хос талқинини, кўпмиллионли шаҳарларнинг жадал ривожланиши ва шовқин суронини хис этишлари мумкин. Рассомнинг оригинал графика асарлари – чизмалари ва аквареллари, шунингдек, маҳобатли асарлари фрагментлари фотоси, шу жумладан Самарқанд чет тиллари давлат институтидаги “Буюк ипак йўли” фрескаси, ўзига хос ечимга эга бўлиб, Қадимги Панжикент, Варахша, Афросиёб деворий суратлари анъаналарида яратилган.
А. Исаев асарлари – реал дунё ва мажозий шартлиликни уйғунлаштириб мавзуни моҳирона очиб беришга эришган. Рассомнинг колористик изланишлари турли хил бўлиб, 80-йилларда яратилган асарларда ранглари мўътадил бўлган бўлса, 2000 йилларда жарангдор ранглар уйғунлиги устувор бўлган.
Рассомнинг шахсий кўргазмалари Тошкент, Самарқанд, Москва, Тунис, Калькутта, Вашингтон, Сеулда бўлиб ўтган. Аслиддин Исаев Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг диплом ва кумуш медали билан тақдирланган. 2018 йили Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Академиги унвони берилди.