Рангтасвирчи рассом Музаффар Абдуллаевнинг шахсий кўргазмаси

m_abdullaev_2018_00116 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий Кўргазмалар залида рангтасвирчи рассом Музаффар Абдуллаевнинг шахсий кўргазмасини очилиш маросими бўлиб ўтади. У 1953 йилда Бухорода туғилган. 1974 йилда Бухоро Педагогика институтининг бадиий графика факультетини тугатган. 1978 йилдан республика ва халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқда, 1988 йилдан Ўзбекистон Рассомлар ижодий уюшмаси аъзоси, 2007 йилда Ўз БА олтин медали совриндори.

m_abdullaev_2018_002Рассомнинг ижоди ўзига хос ишлаш усули билан ажралиб туради, асарлари ҳиссиётга бой бўлиб, улардаги теран фалсафа ва драматизм устивор ранглар ва ритмнинг таранг қурилиши орқали берилган. М. Абдуллаев асарларида ёрқин, илиқ туслар гоҳида совуқ тусларга ўз таъсирини ўтказиб, гўё “гапираётган” образларга айданади. Бир қарашда, жуда содда кўринадиган картиналарда рассомнинг бой хаёлот олами ва теран фалсафаси яшириниб туради. Шарқ мавзусидаги асарларида М. Абдуллаев шу замин одамларининг сокин ва нафис қалб ҳиссиётларини акс эттиради. Унинг композицияларида ортиқча чизиқлар кўринмайди. Уларда бир-бири билан ўзаро боғланган чизиқлар ва мутаносиб бўёқлардан иборат қандайдир сирли дунё бор. Унинг асарлари мусиқа тилига қиёслаш мумкин бўлган аллақандай сирли, мавҳум тил билан сўзлайди. Бунга мисол сифатида “Композиция” (2011-2012) туркумини кўрсатиш мумкин. Асарда рақс тушаётган эркаклар ва аёллар тасвирланган. Шарқ оҳанглари, турланувчан кўк, қизил, яшил ранглар тасвир композициясининг ҳаракатини таъминлаган. Турли кўринишларда ифодаланган ушбу образлар ўзаро уйғунлашиб кетган.

 

Ушбу вернисажда Музаффар Абдуллаевнинг “Бухоро” туркумидаги бир қатор асарлари ҳам намойиш этилмоқда. Мусаввир Бухорода туғилиб ўсгани боис бу мавзуси у учун алоҳида аҳамият касб этади. Ўлканинг гўзал табиати, бой тарихи ва самимий инсонларни  ўз полотноларида акс эттирган.

Рассом асарлари Ўзбекистон музейлариида, чет элдаги шахсий тўпламларда сақланади.

Кўргазмада рассомнинг 50га яқин асарлари намойиш этилмоқда.

Искусствовед, Эшанкулова Раъно.