АНЪАНАВИЙ “ТАСВИРИЙ ВА АМАЛИЙ САНЪАТ ФЕСТИВАЛИ”

festival_banner_2018Жорий йилнинг 17-21 апрель кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳри  ва мамлакатимиз бўйлаб “2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”габағишланган анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” бўлиб ўтади.

Ҳар йили ўтказиладиган бу фестивал тарихи 2000 йиллардан бошланган. Рассомлар куни ва кейинчалик санъат ҳафталиги ғоясининг муаллифи  – рангтасвирчи рассом Журъат Рахмоновдир. Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси,  қатор вазирлик ва идоралар кўмагида ўтказиладиган ушбу акция халқаро миқёсдаги йирик масштабли лойиҳага айланди.

festival_2018_002Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги барча кўргазма залларида алоҳида кураторлар билан турли кўргазмалар бўлиб ўтади.

Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Марказий кўргазмалар залида 17 апрель соат 11:00да “Ўзбекистон чэт эл ваколатхоналари маданият ҳафталиги” шунингдек, Ўзбекистон рассомларининг кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтади.

Тошкент Фотосуратлар уйида П. Беньков номидаги Республика Рассомлик коллежи; Республика дизайн коллежи, Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежи  ўқитувчи ва ўқувчиларининг  асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Мультипликацияда инновациялар” лойиҳаси билан иштирок этади. Модератор: Д. Рахматуллаева – санъатшунослик фанлари доктори.

festival_2018_001Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Россиялик рассом Алексей Дмитриевнинг “Хўжа Насриддин ҳақида ҳикоя” бир китоб кўргазмаси  бўлиб ўтади.

Икуо Хирояма Халқаро маданият карвон саройи томошабинларга Япония амалий санъати ва И. Каримов номидаги Тошкент политехника Университетининг “Саноат дизайни” кафедраси лойиҳасини тақдим этади.

Ўзбекистон Миллий банкининг Тасвирий санъат галереясида Исроиллик Анатолий Шелест ва Марина Шелестларнинг “Кўчманчилар” халқаро вернисажи бўлиб ўтади. Шунингдек 17 апрель соат 17:00 да заргарлик санъати ихлосмандлари Эдуард Гостевнинг (Тошкент) янги асарлари билан танишадилар.

Ҳафталик давомида Марказий кўргазмалар зали боғ худудида – рангтасвир, графика ва амалий санъат бўйича маҳорат сабоқлари ўтқазилади. Ҳамда ўқув юрталари талабалари ҳам фестивалда фаол қатнашган ҳолда меҳмонларга ўзларининг ютуқларини намойиш этадилар.

 

Фестиваль доирасида биринчи бор ARTSCENOFEST  артсимпозиум иштирокчиларининг Workshop намойишлари бўлиб ўтади. Ушбу акциянинг ноёблиги шундаки, бунда замонавий санъат билан театрнинг уйғунлигини кўриш имконияти туғилади.