Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан 2019 йилдан буён анъанавий равишда болалар расмлари кўргазмаси ўтказилиб келинмоқда. Ўтган йиллар мобайнида Марказ томонидан “Дунё – болалар нигоҳида”, “Рангларнинг сеҳрли дунёси”, “Яхшилик ва тинчлик диёри”, “Заминда тинчлик – бизнинг қўлимизда”, “Табиатни биргаликда асрайлик” мавзуларида ташкилотга аъзо давлатлар болаларининг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди.
Ушбу анъананинг давоми сифатида жорий йилда ҳам Марказ томонидан “Эртаклар оламида” VI ШҲТ болалар расмлари танлови эълон қилинган эди. Ташкилотга аъзо давлатлардаги болалар ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг халқ оғзаки ижодиётига бўлган қизиқишини ошириш, тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб этиш, ёш авлод ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган лойиҳага рекорд даража – 7 давлат, юртимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 3700дан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинди.
Мазкур ижод намуналари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида 25 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида Марказ томонидан Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси билан хамкорликда “Эртаклар оламида” VI ШҲТ болалар расмлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, тажрибали рассом ва ёзувчилар ҳамда ижодий ишлар муаллифлари ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Кўргазмада ёш истеъдод эгаларининг эртак ва афсоналар сеҳрли оламини ўзида мужассам этган ижодий ишлари ўрин олди. Айтиш жоизки, ушбу тадбир ШҲТга аъзо давлатлар ёш ижодкорлариниг мулоқот майдонига айланди. Қувонарлиси, ёш рассомлар ижод намуналарида нафақат ўз миллий эртак қаҳрамонларини акс эттиришган, балки турли миллатлар халқ оғзаки ижодиёти намуналарини ҳам тасвирлаганлар. Ижодий ишлар болалар тасаввур дунёсининг чегараси йўқлигини ва ҳар ким ўз эртак оламининг яратувчисига айланиши мумкинлигини кўрсатди.
Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Юқори савиядаги ижодий ишлар сонининг кўплиги боис, танлов ташкилий қўмитаси томонидан қўшимча номинациялар жорий этилди. Якуний натижаларга кўра, қуйидаги иштирокчилар танлов ғолиб ва совриндорлари сифатида эътироф этилди:
Гран-при – Фахриддинова Нозанин Бадриддиновна (Бухоро вилояти);
I ўрин – Попов Александр (Тошкент шаҳри);
II ўрин – Абдинўмонова Фарангиз Нурмуҳаммад қизи (Сирдарё вилояти);
III ўрин – Эркинова Малика Нодир қизи (Фарғона вилояти);
“Эътироф” номинацияси – Нормаматов Ҳавасбек (Сурхондарё вилояти);
“Ранглар жилоси” номинацияси – Шокриддинова Муниса Баҳодир қизи (Тошкент вилояти);
“Эзгулик ғалабаси” номинацияси – Сафина Алина (Тошкент шаҳри);
“Эртак қаҳрамони чизилган энг яхши расм” номинацияси – Акбарова Асила (Самарқанд вилояти);
“Эртак сюжетининг энг яхши тасвири” номинацияси – Васидова Самина (Тошкент шаҳри);
“Эртакда халқ дипломатияси ифодаси” номинацияси – Рустамова Рухшона (Самарқанд вилояти).
Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат ёш тамошабинлар театрининг “Эртаклар оламида” саҳна кўриниши ҳамда Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар очилиш маросимига ўзгача шукуҳ бағишлади ва томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, болаларнинг санъатга бўлган иштиёқи ва иқтидорини аниқлаш, доимий қўллаб-қувватлаб бориш ҳамда янги имкониятлар эшигини очишда бундай кўргазмаларнинг ўрни беқиёсдир.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати