Буюк Туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий (1724-1807) таваллудининг 300 йиллигига бағишланган бадиий кўргазма.

m_fragi_2024_bannerТуркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккирдир.

m_fragi_2024_-1Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.

m_fragi_2024_-2Бу йил нуфузли халқаро ташкилот – ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон дунёда Махтумқули асарлари энг кўп нашр қилинадиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилиши, албатта бежиз эмас.

m_fragi_2024_-3Ўзбек халқининг Махтумқули Фироғийга, унинг тимсолида эса қардош Туркманистон халқига, унинг бой тарихи ва маданияти, урф-одат ва анъаналарига бўлган ҳурматини яққол намоён этиш, шунингдек, шоир таваллудининг 300 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги ва қардошлигини тараннум этувчи бадиий кўргазмасини тақдим этмоқда.

m_fragi_2024_-4Кўргазмада Ўзбекистон ва Туркманистоннинг етакчи рассомлари – Чаримурат Язмурадов (Туркманистон), Зокиржон Бабаев (Туркманистон), Гилисурад Нурлиев (Туркманистон), Ғофур Қодиров (Ўзбекистон), Римма Гаглоева (Ўзбекистон), Тўра Курязов (Ўзбекистон) ва Эркабой Машариповларнинг (Ўзбекистон) асарлари ўрин олган.  Жорий йилда Хоразм вилоят мусиқали драма театрида “Махтумқули” спектакли саҳналаштирилган эди, постановкачи-рассом ва либослар рассоми Миржалол Холиқовнинг эскизлари билан ушбу вернисажда танишишимиз мумкин.

m_fragi_2024_-5Асарларнинг аксарияти, жумладан, туркман рассомларининг асарлари ҳам Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондида сақланади.

 

Умид қиламизки, кўргазмадан сўнг Махтумқули ижодининг мухлислари сони янада кўпаяди.