Ўзбекистон Бадиий академияси Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Улуғ Ватан уруши бошланган кунига бағишланган, ўзбек рассомлари асарларидан иборат “Хотирлашни васият қилганлар!” кўргазмасини ўтказмоқда.
Улуғ Ватан уруши Ўзбекистон ва Россия тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Уруш собиқ Совет Иттифоқининг барча моддий ва маънавий соҳаларида мисли кўрилмаган шафқатсиз синовлар даври бўлган. Собиқ Иттифоқ халқлари ўзларининг умумий уйини, ватанини фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчилари босқинидан фидокорона ҳимоя қилдилар. Қизил Армия тажовузкорни мағлуб этиб, Европа халқларини фашистларга қарамликдан озод қилишдек оғир, аммо юксак вазифани ҳам бажарди.
Урушнинг дастлабки кунлариданоқ, санъат аҳли аскарлар билан бир сафда турдилар. Улар қўшиннинг маънавиятини юксалтириш орқали санъатни душманга қарши самарали қуролга айлантирдилар. Уруш бошланишида рассомлар ўзларининг “қуролларини” фашистлар Германиясига қарши йўналтиришга тайёр эдилар. Уруш йилларида рассомларнинг асосий вазифаси халқнинг Қизил Армия кучи ва енгилмаслигига ишончини, Ғалабага ишончини мустаҳкамлаш эди. Барча совет фуқаролари сингари, улар ҳам душман устидан ғалаба қозонишларига шубҳа қилмадилар. Аскарлар фронтларда, партизанлар ва разведкачилар босиб олинган ҳудудларда жанг қилишди, фронт ишчилари танкларни йиғишди. Рассомлар эса қалам ва мўйқаламларини қуролга айлантирдилар.
Уруш йилларида республика бадиий ҳаёти, уруш келтириб чиқарган қийинчиликларига қарамай, Ўзбекистоннинг кўплаб истеъдодли санъат усталари, санъат намояндалари фронтга чақирилган ёки кўнгилли равишда кетганлар ҳар ерда фаол ва ғайратли эдилар. Бадиий куч асосан, Тошкент ва Самарқандда тўпланган эди. 1941-1943 йилларда Самарқанд Совет Иттифоқининг йирик санъат ва тадқиқот марказларидан бирига айланди. Бу ерга, Бутунроссия Бадиий академияси, В.И.Суриков номидаги Москва рассомлик институти, Киев ва Харьков санъат институтлари, ҳамда кўплаб таниқли рассомлар ва санъатшунослар мамлакатнинг йирик марказларидан эвакуация қилинди. Уруш йилларининг оғир шароитларига қарамай, талабалар бу ерда академик бадиий таълим олиб, кейинчалик улар машҳур рассомлар даражасига етдилар. Фронтдан келган хабарлардан таъсирланиб, юрт мудофаасига ўз ҳиссасини қўшишга интилиб, рассомлар фашизмга қарши мавзулар билан суғорилган асарлар яратдилар, кўргазмалар ташкил этдилар. Таниқли санъат усталари билан яқин ҳамкорликда ўзбек усталарининг профессионал мактаби тажриба орттириб, мустаҳкамланиб борди. “Ҳаммаси фронт учун – барчаси ғалаба учун!” мавзуси етакчилик қилди.
Улуғ Ватан уруши бошланган кун муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида очилган ушбу кўргазмада уруш-ветеранлари Евгений Гадецкий ва Рафаэль Матевосяннинг ватанимизнинг уруш йилларида амалга оширган буюк вазифасини акс эттирувчи 50 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда. Булар Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондидан, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Евгений Гадецкийнинг кўп йиллик дўсти бўлган тарихчи Лариса Георгиевна Левтееванинг ва Рафаэль Матевосяннинг қизи Гаянэ Матевосяннинг шахсий тўпламларидан олинди.
Кўргазмадан сўнг, Евгений Леонтьевичнинг барча коллекцияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондига топширилади, шунингдек, кутубхонага Лариса Левтеева томонидан ёзилган рассом ҳақидаги китоб ҳам тақдим этилади.
Кўргазма ташкилотчилари Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлодини уруш даврининг ҳақиқий далиллари билан таништирар экан, урушнинг барча машаққатли синовларини ўз елкасида кўтарган, фашизм устидан ғалаба қозонган, халқнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган қаҳрамон авлод – ўзбек аскарлари ва фронт меҳнаткашлари хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқликни мақсад қилган.
Евгений Леонтьевич Гадецкий. 1924-2020
1924 йилда Чимкентда туғилган. У уруш йилларини ўз кўзи билан кўрган инсонлардан. 1942 йилда ўрта мактабни тугатгандан сўнг, армия хизматига чақирилиб, Сталинград яқинидаги фронтга жўнатилди. Сапёр батальони таркибида у миналанган майдонларни тозалаб, Шимолий Кавказ ва Ғарбий Украинани озод қилди. 1944 йилда оғир жароҳат олди, кейинчалик, у 1946 йилда ортига қайтарилди ва учинчи гуруҳ ногиронлигини олди. Жасорати ва мадлиги учун ҳарбий орден ва медаллар билан тақдирланган.
1947-йилда П.П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртининг рангтасвир бўлими иккинчи курсига ўқишга қабул қилинган, 1951 йилда тамомлаб, чизмачилик ва рассомчилик бўйича рассом-педагог мутахассислигини олган.
Евгений Леонтьевич Гадецкий – кенг ижодий диапозонга эга бўлган кўп қиррали рассом. У бир неча йўналишларда ишлаган – тематик дастгоҳли рангтасвир, портрет, манзара ва натюрморт. Унинг асарлари дунёнинг ранг-баранглиги ва тасвирларнинг ҳаётийлиги ҳақидаги нозик тасаввурларни ўзида мужассам этган. Гўё панорамали фильм кадрларида республика табиати ва ҳаётининг турли кўринишларидаги суратлари очиб бергандек.
Нафақат ҳозирги, балки ўтмиш ҳам бадиий идрок этиш объектига, ички ижодий эҳтиёжга айланди. Тарихий хотирага мурожаат қилиши ва у билан муносабатлар характери рассом ижодининг муҳим таркибий қисмларидан бирини – Иккинчи Жаҳон уруши мавзусини белгилаб берди.
Яна бир мавзу – республика иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган Ўзбекистон пахтасидир. Ушбу мавзу рассом томонидан “Машина ва одамлар” (1982 й.) триптихида очиб берилган. Ушбу дастгоҳли тасвирий санъат асари тугалланган учта картинадан иборат: “Механик – ҳайдовчи”, “Пахта териш машиналарининг учинчи авлоди” ва “Шаҳар аҳолиси”.
Матевосян Рафаэль Теватросович. 1924-2013
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Самарқандда таваллуд топган. 1942 йил октябрь ойида радиотелеграфистлар курсига юборилади ва 3 ой ўтиб, Закавказ фронтига бронетанк ва механизациялаштирилган қўшинлари Бошқармасига алоқа ротаси радисти этиб тайинланади. Урушни совет-турк чегарасида ўтайди. 6 та медаль билан тақдирланган.
1957 йилда Азим Азим-зода номидаги Озарбайжон бадиий билим юртини тамомлаган. 1962 йил Нукусда, кейинроқ эса, Тошкентда яшаб ижод қилади. Рангтасвирчи, Республика ва Хорижий кўргазмалар иштирокчиси. 1971 йилдан Ўзбекистон рассомлар Уюшмаси аъзоси. Рассом Орол бўйи балиқчилари, экология муаммоларига бағишланган катта туркум асарлар муаллифидир.