2024 йил 9 февраль куни Марказий кўргазмалар залида рассомлар Александр Батыков ва Валерий Кузнецовларнинг шахсий кўргазмалари бўлиб ўтади.
2024-йил юбилей йили бўлиб: В.Кузнецов 65 ёшга тўлди, А.Батиков 85 ёшни қарши олди.
Ушбу кўргазмада А.Батиковнинг нафақат рангтасвир асарлари, балки акварелда ишланган саёҳат қораламалари, замондошлар портретлари, шунингдек, спектакллар учун яратилган саҳна макетлари ва либос эскизлари ҳам тақдим этилган. Кўп йиллик ижодий фаолияти давомида рассом театрдаги доимий ишидан ташқари, ҳар йили плэнерларга чиқади ва у ерда ўзгача илҳомланиб, гўзал асарлар яратади.
Кўргазмада иштирок этаётган ҳар иккалла рассомнинг ҳам асарлари мавзуси кўпқиррали. Валерий Кузнецов турли услублар – кубизм, абстракционизм ва бошқа йўналишларда экспериментлар қилиб ижодий фаолият юритиб келмоқда.
Экспозицияда 300 дан ортиқ рангтасвир ва графика асарлари ўрин олган.
__________________________________________________________
Батыков Александр Андреевич
Кино ва театр рассоми, рангтасвирчи.
Александр Батиков 1939 йил 26 апрель Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида таваллуд топган.
Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблари уюшмаси аъзоси.
П.П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида қаламтасвир ва рангтасвир бўлимини, А.А.Островский номидаги Театр ва рассомлик институтининг театр ва кино бўлимини, Москва Университетининг қаламтасвир ва рангтасвир бўлимларида ўқиган.
Александр Батиков сценограф ва саҳналаштирувчи рассом сифатида Фарғона, Қўқон, Гулистон, Қозон, Ростов-на-Дону ва Тошкент (“Ёш гвардия”, Рус Ёш томошабинлар театри, М.Горький номли театр ва Ҳажвий театр) да 100 дан ортиқ спектаклларнинг саҳналаштирувчи рассоми сифатида фаолият кўрсатган. Учта бадиий фильмнинг саҳналаштирувчи рассоми. График сифатида Ғ.Ғулом нашриётида ижодий фаолият олиб бориб 7 тадан ортиқ китобларни бадиий безаган.
__________________________________________________________
Кузнецов Валерий Александрович
1959 йил 16 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1941 йилда унинг ота-онаси Ростовдан Тошкент шаҳрига кўчиб келишган. 1976 йилда мактабни тамомлаб, 1978 йил Тошкент Политехника институтининг “Меъморчилик факультети”га ўқишга кириб, 1983 йил аъло баҳолар билан тугатган. У рассомлар С. Широков, Ю. А. Зоркин, Ч.Аҳмаровларда таҳсил олган. Институтни битиргач Соғлиқни сақлаш лойиҳалаш институтида катта меъмор бўлиб ишлаган. 1997 йилда «ВКП» МЧЖни бошқарган. Шу билан бир қаторда В.А.Кузнецов пленэрга чиқиб этюдлар ишлаган, асарлар яратган. 2016 йилдан Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзоси.
Ижодий фаолияти давомида 29 дан ортиқ кўргазмаларда иштирок этган. “Соғлом авлод учун” Халқаро Фондининг ташаккурномасига, шунингдек, Россия-Ўзбекистон маданий ҳамкорлиги лойиҳаси доирасида шахсий кўргазма ўтказгани учун “Россотрудничество” Халқаро Федерал Агентлигининг Дипломи билан тақдирланган (МДҲ). “Ўзбекистон ва Украина рассомлар нигоҳида” кўргазмасида иштироки учун Ўзбекистон Бадиий Академиясининг дипломи билан тақдирланган.