Ўзбекистон Халқ рассоми Тўра Курязовнинг таваллудига 85 ёшга тўлиши муносабати билан “Тарих саҳифалари” шахсий кўргазмаси

t_kuryazov_2022_-2Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида 2022 йилнинг 22 сентябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон Халқ рассоми Тўра Курязовнинг 85 ёшли юбилейи муносабати билан ўтказилаётган “Тарих саҳифалари” деб номланган шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтади.

t_kuryazov_2022_-1Тўра Курязов 1937 йил Хоразм вилоятида таваллуд топган. У П.П.Беньков номидаги Республика Рассомлик билим юрти ва Тошкент Давлат театр ва рассомчилик институтининг рангтасвир бўлимида М.Набиев, В.Ковининларининг устахоналарида таҳсил олган. Шунингдек, рассом рангтасвир сирларини Роберт Фалькнинг шогирди – Игорь Виталиевич Савицскийдан ўрганган. Бир қанча вақт Рига шаҳридаги академик Индулис Августович Зарин устахонасида ижод қилди. Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитаж музейида Рембрант, Рубенс, Веласкесдек рассомларнинг ижоди ва расм чизиш технологияси ҳамда услублари сирларини ўқиб эгаллади. И.В.Савицский уюштирган археология ва этнография экспедицияларида қатнашгани унинг маҳоратини янада бойитди.

t_kuryazov_2022_-3У 1950-1960 йиллар рангтасвир мактаби анъаналарини ривожлантирган ўзбек рангтасвири усталари авлодига мансуб бўлиб, унинг тасвирий санъат ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Тарихий-эпик жанр мусаввир ижодининг ажралмас қисми бўлди. Бундай эҳтирос унинг Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳаси тарихи ва археологияга бўлган қизиқиши натижасида вужудга келган. Бу кўҳна замин анъаналари, удум ва афсоналари рассомни асар яратишида илҳомлантиради.

t_kuryazov_2022_-4Кўргазмада намойиш этилган рассомнинг 190 дан ортиқ асарларида меъморий ёдгорликларимиз, юртимиз табиати, унинг инъомлари ва мамлакатимизнинг тарихий шахсларини кўплаб портретларини учратиш мумкин. Уларнинг орасида буюк сиймолардан “Феруз”, “Бибихоним”, “Огаҳий”, “Оллоқулихон”, “Ислом Хўжа”, “Севим Бика”, “Зарадуштра”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Ал-Хоразмий”, “Тўмарис”, “Нодирабегим” дан тортиб то замондошлар портретларигача кўрашимиз мумкин. Асарларда тарихий-эпик жанр, мифологик мавзу, шунингдек, реалистик портрет, натюрморт, манзаралар кенг тақдим этилган. Катта маҳорат билан ишланган Жалолиддин Мангуберди образи Ўзбекистоннинг миллий қаҳрамони намунасига айланиб бўлган. Ушбу асар Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонланиш арафасида ўтказилган танловда ғолиб деб топилиб, эталон сифатида қабул қилинди.

t_kuryazov_2022_-5Рассом тарихий-эпик асарлар билан бир қаторда, оддий ҳаётда содир бўлаётган воқеаларни ҳам акс эттиришга ҳаракат қилган. Жумладан, унинг Қорақум манзараларига бағишланган туркум асарлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мусаввирнинг сермаҳсул ижоди келгусида ҳам мухлисларни хушнуд этиши, шубҳасиз.

t_kuryazov_2022_-6Маълумотларга кўра, рассом жуда кўп саёҳатда бўлган. Ҳар бир сафардан сўнг тематик туркум асарлар яратган. Ҳинд афсоналари билан боғлиқ композициялар, ҳинд жамияти вакиллари портретлари ҳамда меъморий манзараларни ўз ичига олган туркум асарлар бунинг яққол мисолидир. Янги яратилган асарлар орасида қадим Хоразм диёрига бағишланган аллегорик композиция “Хоразм рақси” триптихи алоҳида эътиборга молик.

t_kuryazov_2022_-22Ўзбекистон Халқ рассоми Тўра Курязовнинг юбилей кўргазмасида номоддий маданий меросга оид бўлган асарларни ҳам кўришимиз мумкин. Рассом ушбу асарлари орқали маданиятимизнинг энг яхши анъаналарини тақдим этади. Халфачилик, бахшичилик Хоразм худудида кенг тарқалган маҳаллий оғзаки ижоди ҳисобланади. Т.Курязов уларнинг ижодини чуқур ўрганиб, узоқ изланишлар натижасида бир неча бахши ҳамда халфачилик санъатига доир асарлар яратди. Кўргазмадан ўрин олган “Хонум Халфа”, “Лазги”, ”Назира халфа”, “Онажон халфа”, “Сувора”, “Халфалар II – триптих”, “Ожиза”, “Шукур халфа” картиналари шулар жумласидандир.

Тўра Курязов номи Ўзбекистон санъати тарихи саҳифаларида ўзининг муносиб ўрнига эга.  Т. Курязовнинг асарлари нафақат республикамизнинг нуфузли музейларида балки,  Италия, Англия, АҚШ, Туркия, Россия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Болгария ва Япония каби мамлакатларнинг шахсий  коллекцияларидан ҳам ўрин эгаллаган.

 

Рассомнинг юбилейи арафасида биз сизнинг эътиборингизга ўзбек мўйқалам устасининг тарихий асарлари кўргазмасини тақдим этамиз.

Кўргазма ўз фаолиятини 2022 йилнинг 10 октябрига қадар давом эттирилади.