АНЪАНАВИЙ “НАВРЎЗ – 2020” БАДИИЙ КЎРГАЗМАСИ

navruz_2020_bannerЯнгиланиш, яшариш фасли кириб келгач, миллий қадриятлар ва анъаналарни ўзида мужассам этадиган Наврўз байрами юртимизда доим кенг нишонланиб келинган. Шу ўринда Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳам анъанавий тарзда кўргазма ташкиллаштирган. Бу йил дунё миқёсидаги пандемия туфайли республикада Наврўз байрамининг нишонланиши тўхтатилган бўлсада, халқнинг тушкунликка тушмаслиги ва кайфиятини кўтариш мақсадида кўргазма ташкил этилди. 20 март, Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар залида “Наврўз-2020” кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади.

navruz_2020-1Мазкур кўргазмада 100 га яқин таниқли ва ёш рассомлар ўзларининг янги асарлари билан иштирок этмоқдалар.

Анвар ва Акмал Мирсагатовлар, Янис Салпинкиди, Владимир Бурмакин, Искра Шин, Хуршид Зиёхонов, Флорида Гамбарова, Римма Гаглоева, Азамат Хатамов, Иброҳим Валиходжаев, Татьяна Фадеева, Тохир Каримов, Дилором Мамедова каби таниқли рассомлар билан бир қаторда, Саидбек Сабирбаев, Анвар Хакимбеков, Канти, Камила Измаилова каби ёш иқтидорли рассомлар асарларида баҳор нафаси ҳис этишимиз мумкин.

 

 

nurata_2020_bannerКўргазманинг яна бир эътиборга лойиқ қисми, Навоий вилояти Нурота кашталарининг экспозициядан ўрин эгаллаганидир. Маълумки Ўзбекистон каштачилик санъатида Бухоро, Самарқанд, Ургут, Шахрисабз, Тошкент ва Фарғона мактаблари мавжуд. Улар орасида ривожланишининг чўққисига 19 асрда эришган Нурота мактаби алоҳида ўрин эгаллайди. Нурота сўзаналари бошқа мактаблардан ажралиб турадиган аниқ, ёрқин намоён бўладиган хусусиятларига эга. Бу сўзаналарда оқ фонни гулдастали кашталар қоплайди. Гул мотивларининг бойлиги ва турлилиги билан Ўзбекистон каштачилигида етакчи ўринни эгаллайди. Нурота кашталарининг анъаналарини сақлаб келишда бугунги кунда Гулбаҳор Қодирова ва Баҳора Азаматоваларнинг меҳнати беқиёс. Улар анъаналарга содиқ қолган ҳолда Нурота кашталарида ўзига хос янгиликларни қўллашмоқда. Янгича ёндошув асосан кашта палитрасида сезилади. Ёрқин қизил, мовий ўсимликсимон нақшлар билан бир қаторда сўзана фонида ҳам ёрқин ранглар қўлланилаётгани Нурота каштаси анъаналарига янги маъно бағишламоқда.

 

Кўргазмада 200 дан ортиқ рангтасвир, графика, кичик ҳажмдаги ҳайкалтарошлик, халқ амалий ва амалий – безак санъати асарлари ўрин олган.