“Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса жамият ривожланмайди”. Ш. Мирзиёев.
Дарҳақиқат, жамиятнинг маънавий даражаси юксаклиги ва ижтимоий қадриятлар юзага келиши, санъат ва маданият ривожи билан боғлиқ. Айниқса, бу соҳада тасвирий ва амалий санъат, дизайннинг аҳамияти беқиёс. Барча даврларда муҳим аҳамиятга эга ашёвий қадриятлар давлат томонидан юксак эътибор берилган ва қўллаб қувватланган.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг XXVII йиллиги арафасида Марказий Кўргазмалар залида мазкур байрамга бағишланган Республика бадиий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Ҳозирги кунда мустақилликнинг 27 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати соҳалариулкан ютуқларни қўлга киритди, кўп йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Бадиий Академиясига янги аъзолар қабул қилинди. Мазкур санага бағишлаб ўтказилаётган кўргазмада анъанага биноан, дастгоҳли рангтавир, графика, амалий безак санъати асарларикенг намойиш этилмоқда. Рангтасвир, замонавий йўналишдаги санъат, айниқса, реалистик пландаги асарлар экспозициянинг асосий қисмини ташкил қилади.
Рангтасвир соҳасида баракали ижод қилаётган етук мўйқалам усталари академиклар Жавлон Умарбеков, Файзулла Аҳмадалиев, Янис Салпинкиди, Анвар Мамажонов, улар қатори Вахоб Зияев, Бахтиёр Махкамов, Имяр Мансуров, Иброҳим Валихўжаев, Радик Азизов, Шуҳрат Абдумаликов, Александр Тюрин, Хуршид Зияханов, Татьяна Фадеева, Рустам Джамалов, Владимир Чуб, Ҳаким Мирзааҳмедов, Диларом Мамедова, Любовь Тиора ва ҳайкалтарош Дамир Рўзибоев, ёш ижодкорлар – Диёр Розиқов, Нигора Шарафходжаева, Нуриддин Расулов, Камилия Измаилова, Зилола Назарова, Малика Жўраеваларнинг санъат асарларидан наъмуналар намойиш этилган.
Сўнгги йилларда ҳайкалтарошлик талабгор санъат турларидан бирига айланди. Айниқса, Ўзбекистон шаҳарсозлигида тарих ва маданият арбоблари галереяси ташкил топди. Дастгоҳли ҳайкалтарошлик ҳам ўзига хос изланишлар йўлидан бормоқда. Кўргазмада томошабинлар Марина Бородина, Назира Қўзиева, Людвига Нестерович каби ижодкорларнинг декоратив пластик асарларидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Мазкур маҳоратли ижодкорлар намойиш этган композициялар Тошкент шаҳрининг истироҳат гўшаларидан муносиб жой олган бўлар эди.
Хулоса қилиб айтганда, бадиий санъат аҳли мазкур байрамона санани янги ижодий ютуқлар ва оптимистик кайфият билан кутиб олмоқдалар.