Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий кўргазмалар залида 18 октябрь куни график рассом Евгений Пановнинг шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтади. У 1974 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1993 -1998 йилларда П.П. Беньков номли Республика рассомлик билим юртида тахсил олган. Талабалик йиллариданоқ билим юрти ўқувчилари билан бирга кўргазмаларда иштирок этган. 1999 йили “Мастер” галереясида шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган. Худди шу йили Илхом театрида рассом Диляра Каипова билан ҳамкорликдаги кўргазмаси очилган.
2000 йилда Е. Панов Санкт Петербургга кетади, ва Арт- сквот, “Пушкинская 10”да кўргазма ўтказади. 2003 йилда Тошкентга қайтади ва ижодини давом эттириб, янги технологияларни эксперимент қилади. 3Д графикасини ўрганиб, кино ва реклама соҳасида фаолият олиб боради. 2006-2010 йилларда реклама агентликлари билан ҳамкорликда реклама роликлари яратади. Шу билан бир қаторда анимация билан ҳам қизиқиб, бир қанча комбинация қилинган роликлар ишлаган.
2014 йилда рассом яна тасвирий санъатга қайтиб, манзара жанрида акварель техникасида “Қадимги Тошкент” янги лойиҳаси устида иш бошлайди. 2016 йилда БонумФактум галереясида Е. Пановнинг “Tashkent Nostaljie” номли кўргазмаси бўлиб ўтган.
Марказий кўргазмалар залида очилган мазкур вернисажда рассомнинг қадимги Тошкент мавзусидаги асарлари ўрин олган. Болалик хотираларига сингиб кетган севимли шаҳарнинг қиёфалари кўз ўнгингизда намоён бўлади. Эски уйлар, вақтнинг таъсирида қовжираган ва қийшайган деразалар, муюлишли йўллар ва қуёш нурларига чўмган уйлар, эски шаҳар, ховлилар, балконлар кўргазмадан жой олган асарларда акс эттирилган.
Экспозициядан рассомнинг 40 дан ортиқ асарлари ўрин олган.