Рангтасвирчи рассом Ваҳоб Зияевнинг шахсий кўргазмаси

vakhob_ziyaev_01

Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар залида 25 апрель куни иқтидорли рангтасвирчи рассом Ваҳоб Зияевнинг шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтади. У 1937 йил Тошкентда заргар оиласида туғилган. Балки шу боисдир унинг табиатида ота касбининг заҳматли изланиши сезилиб туради. У ҳаётий деталларни, табиий ранг стихиясини, воқеликни ўзининг руҳий ҳолатига мослайди, уларга қалб қўри билан жило беради, ранглар устида узоқ изланади.

ziyaev1-1В. Зияевнинг маҳорати 1953-1958 йилларда П.Беньков номидаги рассомлик билим юртида таҳсил олганида. 1959-1965 йилларда А. Островский номидаги театр ва рассомлик институтида сабоқ олган кезларида шаклланиб боради. Шарқ миниатюра санъати билимдони улуғ рассом Чингиз Ахмаров билан танишуви, кейинчалик у билан Тошкент Политехника институти архитектура факультетида педагоглик қилиши ижодининг асосий тамойилларини белгилаб берди.В. Зияев Ч. Аҳмаров устахонасида беш йил биргаликда ижод қилади. Ҳирот ва Бухоро миниатюра мактаби санъатини ўрганди. Рассомнинг 1974 йилда яратган “Сукунат” лирик картинаси (Ўзбекистон Давлат Санъат музейи) замонавий ўзбек тасвирий санъатида ўзига хос янгилик сифатида эътироф этилади. Бу йилларда муаллиф ўз асарлари “Кўҳна қўшиқ”(1974), “Осуда осмон”(1978), “Аввал қишлоғидаги чойхона”(1965), “Навоий Султон Хусайнга қасида ўқилмоқда”(1968)да кўҳна макон, миллий ҳаёт тарзи, оталар анъаналари мавзусини гавдалантирди. Рассом Зоминга сафар қилади. “Зомин тоғлари” (1996) туркумида кўпгина манзаралар ва портретлар ишлади. Бу асарларда кўпроқ табиат ва инсон ўртасидаги муносабатлар, руҳий ўзгаришлар, меҳнатга янгича муносабатлар ўз ифодасини топган.

Ваҳоб Зияев ижодида Пошҳурт қишлоғи мавзуси алоҳида ўрин тутади. Бақтрия даврларидан бери мавжуд бу қишлоқ жуғрофий жойлашуви, манзарасининг рангларга бойлиги одамларининг яшаш тарзи, анъаналарининг ўзига хослиги билан кўпгина рассомларни ўзига жалб этиб келади. Пошҳурт мавзусини тасвирий санъатда илк бор Рўзи Чориев акс эттирган бўлса, кейинчалик, Б. Бобоев, Ж. Умарбеков, Б. Жалолов, А. Мирзаев, П. Тоҳиров сингари ижодкорлар ҳам бу мавзуда ўзига хос асарлар яратишган.

В. Зияев ижодида тарихий обидалар, шаҳар архитектураси ва манзараси акс этганасарлар унча кўп эмас. Рассомни кўпроқ қишлоқ табиати, қишлоқ одамлари, боғлари, ҳовлилари ва кўчалари қизиқтиради. Аммо тарихий обидаларни ишлашда ҳам у ўзига хос йўл тутади. Рассом кун ботаётган оқшом пайтида қизғимтир ва мовий-гунафша рангга кирган Шоҳизинда манзарасини олис ўтмишнинг ғаройиб ҳикоячиси сифатида жонлантиради. (“Шоҳизинда. Оқшом” асари).

 

Бугун замонавий ўзбек тасвирий санъатида бадиий жараён кўлами кенгайиб, ранго-ранглик касб этмоқда. Унинг бундай жозибали манзара касб этишида рассом Ваҳоб Зияев асарларининг ҳам ўз ўрни бор.

Автор: Нодир Норматов