Наврўз байрами шарқ халқлари орасида бир неча минг йиллардан буён нишонланиб келинмоқда. Наврўз табиатнинг ўзидан келиб чиққан холда, куну -тун тенглашгандан сўнг, кунларнинг узайиши, табиатнинг уйғониш байрамидир. Аёзли қишдан сўнг кўкда қуёшнинг юз кўрсатиши, қирларда майса-гиёҳларнинг ниш уриб чиқиши халқимиз учун ҳақиқий байрамга айланган. Нав – Янги, рўз – кун, яъни Янги кун деб аталиши бежиз эмас.
Бу байрам, аввало, табиатнинг жонланиши, янгиланиши, Янги йил билан юртимизга гўзал баҳор фасли кириб келиб, ўзининг яшил сепини ёйиши билан бошланади.
Анъананага мувофиқ Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Бадиий Кўргазмалар Дирекцияси Наврўзни вернисаж билан қарши оладилар.
Марказий Кўргазмалар залида очилган кўргазмада Анвар Мирсагатов, Искра Шин, Хаким Мирзаахмедов, Дилором Мамедова, Хуршид Зиёхонов, Ли-Сафи Мария каби таниқли рассомлар ўзларининг янги асарлари билан иштирок этмоқдалар. Уларнинг асарларида баҳорнинг нафислиги ва гўзаллиги, борлиқнинг фалсафона талқини, янгича бадиий ифода изланишларини кўрамиз.
Экспозициядан 100 га яқин рангтасвир ва графика асарлари ўрин олган.
Кўргазма ўз фаолиятини 17 апрелга қадар давом эттиради.