Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Андижонлик рангтасвирчи рассом Рустам Уразовнинг “Она юртим Жалақудуқ таровати” деб номланган оилавий кўргазмаси

urazov_rustam_2025_bannerРустам Уразов 1954 йил Жалақудуқ тумани Қатортол қишлоғида дунёга келди. Шу қишлоқдаги 22-умумтаълим мактабида, Асака педагогика билим юртидаги расм-чизмачилик гуруҳида ва Тошкентдаги театр ва рассомчилик институтининг дастгоҳли рангтасвир бўлимида Маннон Саидов, Николай Шин каби таниқли рассомлар устозлигида таҳсил кўрди. Унинг ”Сувчи”  номли диплом иши (1981) Бокудаги Бутуниттифоқ битирувчилари кўргазмасида намойиш этилди.

urazov_rustam_2025_-2Рассом 1980 йилдан Андижондаги “Рассом” бадиий ишлаб чиқариш устахонасида ижодкор рассом сифатида 30 йилдан ортиқ фаолият юритди. Мусаввир тасвирий санъатнинг  академик реал услубида ижод қилади. Унинг асрларида она қишлоғи, Жалақудуқнинг поёнсиз адирликлари, жаннатмакон Андижон ва Фарғона водийсининг гўзал манзаралари, азиз инсонлари, меҳнаткаш ўзбек деҳқонлари тафти уфуриб турган кенг далалари, боғу-роғлари, сўлим дам олиш масканлари, баҳаво тоғ гўшалари рангин  бадиий ифодасини топган. Улар нафосат мухлисларига кўтаринки кайфият, руҳий тетиклик бахш этади. Уларни “Андижон манзаралари”, “Шоҳимардон”, “Диққатга сазовар жойлар”, “Гуллар ифори”, “Мевалар” каби туркумларга бирлаштириш мумкин.

urazov_rustam_2025_-3Ижодкорнинг мустақиллик йилларида тақдим этган “Қамчиқ давони” туркум асарлари нафақат марзарачилик руҳияти, балки бу масканларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларнинг тасвири сифатида замонавий-тарихий воқеаликлар ифода этилганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

urazov_rustam_2025_-5Ижодкор портрет ва тарихий мавзуларда самарали фаолият юритади. Андижон вилоят Адабиёт ва санъат музейида сақланаётган “Бобур” (1983) ва “Оразий” (1988), шунингдек, “Ўзбекистон халқ артисти Қосимжон   Охунов”, “Отам”, “Онам” портретлари, “Амир Темур сафарда” (1996), “Бобур Дахкатда”, “Амир Темур ҳунармандлар орасида” (2017) каби тарихий асарлари бу борадаги рассомнинг буюк аждодларимизга бўлган чексиз муҳаббати, қолаверса тасвирий санъатнинг  ўта масъулиятли йўналишидаги мақоми,  мартабаси ва қобилияти даражасидан далолат беради.

urazov_rustam_2025_-6Рустам Уразов вилоят ўлкашунослик музейида фаолият юритиб, музей экспозицияларини безатишга ўз ҳиссасини қўшди. У 1980-йиллардан вилоят ва республика миқиёсидаги кўргазмаларда қатнашиб келади. 1998 йил Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. Ҳозирда ижод билан бирга Жалақудуқ тумани 13-мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъатдан ёшларга сабоқ беради. Ўғли Азизбек  ота касбининг давомчиси сифатида фаолият юритаётган бўлса, набираси Бобурмирзо санъат олийгоҳида таълим олмоқда.

 

Бадиий ижодкорлар  уюшмаси

вилоят бўлими бошлиғи:                                                               Д.Юсупов